МДҲ ИШТИРОКЧИ ДАВЛАТЛАРИ ТАШҚИ ИШЛАР ВАЗИРЛАРИ КEНГАШИНИНГ МАЖЛИСИ ТЎҒРИСИДА
2020 йилнинг 12 май куни Ўзбекистон Республикаси ташаббуси билан биринчи марта видеоконференсалоқа режимида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Тадбирда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов раислик қилди.
Мажлис ишида Арманистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Зограб Мнатсаканян, Беларусь Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Макей, Молдова Республикаси Ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазири Олег Тсуля, Озарбайжон Республикаси Ташқи ишлар вазири Элмар Мамедяров, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев иштирок этдилар.
Мажлис иштирокчилари фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан бир-бирларини табрикладилар. Ҳамдўстлик давлатлари халқларининг фашизмга қарши курашдаги метиндек бардоши ва мислсиз иродаси эътироф этилди. Уруш ва фронт орти фахрийларига самимий ғамхўрлик қилиш, юртимизда тинчлик учун ўз жонини берганларнинг хотирасини абадий сақлаш зарурлиги таъкидланди.
Ҳамдўстлик ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари халқаро кун тартибининг ва МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, халқаро ва минтақавий ишларда ташкилот роли ва ўрнининг ҳолати, уни кучайтириш истиқболларини кўриб чиқдилар, шунингдек қатор ташкилий масалаларни муҳокама қилдилар.
Томонлар карантин чекловлари шароитида савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги барча мавжуд ва йўлга қўйилган ҳамкорлик механизмларини сақлаб қолишнинг ҳамда МДҲ эркин савдо ҳудудининг тўлақонли ишлашини таъминлашнинг муҳимлигини қайд этдилар.
Делегациялар раҳбарлари коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этишда Ҳамдўстлик иштирокчи давлатлари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш долзарблигини таъкидладилар.
Ташқи сиёсат идоралари ўртасида МДҲ давлатлари ҳудудида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш жабҳасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда инвестиция, транспорт, инновация, маданият, спорт ва ёшлар сиёсати соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳамдўстлик иштирокчи давлатлари халқлари ҳаёти фаровонлиги ва сифат даражасини кўтариш мақсадида яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни инобатга олишга асосланган ҳолда ҳамкорлик кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Иштирокчилар МДҲ ТИВКнинг кейинги мажлисини октабрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон томони таклифини қўллаб-қувватладилар.
Мажлис якунларига кўра ҳамкорликнинг турли йўналишларида 11 та ҳужжат имзоланди, кун тартибининг барча масалалари бўйича ўзаро келишилган қарорлар қабул қилинди.