Ўзбекистон: туркий дунё ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва тараққиётнинг янги уфқлари

Бўлажак мазкур олий даражадаги тадбир ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг кейинги устувор йўналишларини белгилаш учун муҳим майдонга айланади.
Туркий интеграция маконининг шаклланиши кўп йиллик тарихга эга бўлиб, у нафақат тил, маданият ва тарихий мерос муштараклигига, балки туркий халқларнинг бой маърифатпарварлик ва интеллектуал тафаккур анъаналарига ҳам таянади. XIX аср охири XX аср бошларидаги жадидчилик ҳаракати маданий ва маънавий яқинлашув ғояларининг шаклланишида алоҳида ўрин тутди. Унинг намояндалари таълим, илм-фан, жамиятни модернизация қилиш ва туркий халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш тарафдори бўлган.
Туркий тилли давлатлар раҳбарларининг биринчи саммити 1992 йилда Туркия Бош вазири Тургут Ўзал ташаббуси билан Анқара шаҳрида ўтказилган. 1996 йилги Тошкент декларациясида давлат раҳбарлари Котибият тузиш тўғрисидаги қоидани мустаҳкамлаб қўйган. Кейинги йилларда мазкур формат изчил ривожланиб, 2009 йилда Нахичеванда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташкил этилди. 2021 йилда Истанбул саммитида тузилмани Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ташкилот фаолиятининг кенгайиши ва унинг халқаро аҳамияти ортиб бораётганини акс эттирди.
Ташкилот фаолиятининг асосий мақсади аъзо давлатлар – Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Устувор вазифалар қаторига ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсий позицияларни мувофиқлаштириш, шунингдек, савдо-иқтисодий, транспорт, энергетика ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш киради. Савдо ва инвестициялар учун қулай шароит яратиш, илмий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақа аҳолиси турмуш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
ТДТнинг ташкилий тузилмаси кўп томонлама ҳамкорликни мувофиқлаштирувчи қатор муҳим институтларни ўз ичига олади. Давлат раҳбарлари кенгаши олий орган ҳисобланиб, у ривожланишнинг стратегик йўналишларини белгилайди ва мунтазам равишда йиғилишлар ўтказади. Маслаҳатчи вазифасини Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши бажаради. У аъзо давлатларнинг нуфузли вакилларини бирлаштириб, туркий дунёда ўзаро англашув ва ишонч анъаналарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон дастлабдан туркий давлатларни яқинлаштириш ва мазкур форматда кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш жараёнларининг фаол иштирокчиси бўлиб келган. Янги бурилиш нуқтаси сифатида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтган туркий тилли давлатлар VI саммитида фахрий меҳмон сифатида иштирок этганини қайд этиш мумкин. Бу қадам ташкилот ривожига янги туртки берди. 2019 йилда республика Нахичеван битимини ратификация қилиб, ТДТ фаолиятидаги тўлақонли иштирокини расман мустаҳкамлади.
Ўзбекистоннинг қўшилиши билан ташкилот фаолияти ва аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик кун тартиби сезиларли даражада фаоллашди. 2019–2025 йилларда ўтган саммитларда Ўзбекистон Президенти томонидан кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган 116 та ташаббус илгари сурилди. Ҳозирги кунга қадар уларнинг 64 таси амалга оширилди, яна бир қатор лойиҳалар якуний босқичда турибди. Бу кўрсаткичлар Ўзбекистоннинг туркий макондаги интеграция жараёнларини ривожлантиришга нисбатан тизимли ва амалий ёндашувини кўрсатади.
Амалга оширилган ташаббуслар кенг қамровли йўналишларни ўз ичига олади. Иқтисодиёт ва транспорт соҳасида логистика жараёнларини соддалаштириш ҳамда минтақанинг транзит салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган “e-Permit”, “рақамли TIR” ва “яшил йўлак” тизимларини жорий этиш алоҳида аҳамият касб этди. Туризм соҳасида Қўқон шаҳрининг туркий дунё туризм пойтахти деб эълон қилиниши ва зиёрат туризмини ривожлантиришга хизмат қилувчи “Табаррук зиёрат” лойиҳасининг амалга оширилиши муҳим воқеалардан бўлди.
Ёшлар сиёсати, илм-фан ва таълим соҳаларида ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Ёш етакчилар форумлари, халқаро конференциялар ва Туркий университетлар уюшмаси доирасидаги тадбирлар ўтказилмоқда. Шу билан бирга, инновацион ривожланишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда – IT-форумлар, стартап майдонлари ва соҳавий идоралар учрашувлари, жумладан, космик соҳада ва мудофаа саноатидаги ҳамкорлик ташкил этилмоқда. Бу иштирокчи давлатларнинг ягона технологик маконни шакллантиришга интилишини акс эттиради.
Туркий давлатлар ташкилотини ривожлантиришда 2022 йил Самарқанд саммити якунларига кўра бошланган Ўзбекистон раислиги алоҳида аҳамиятга эга. Бу даврда мамлакат нафақат амалий ҳамкорликни фаоллаштирди, балки ташкилот фаолиятига институционал янгиликлар ҳам киритди. Хусусан, илк бор раислик даври учун комплекс Концепция ва Тадбирлар режасини ишлаб чиқиш амалиёти жорий этилди. Бу ҳамкорликка янада тизимли ва изчил тус бериш имконини яратди. Раислик доирасида иқтисодиёт ва транспортдан тортиб илм-фан, маданият ва таълимгача бўлган асосий соҳаларни қамраб олган турли даражадаги 100 дан ортиқ тадбир ўтказилди.
Бугунги кунда ТДТ кун тартиби барча иштирокчи давлатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилмоқда ва ҳар бир давлат интеграция жараёнлари ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
ТДТ доирасидаги иқтисодий ҳамкорлик барқарор ижобий ўсишни намоён этмоқда. Сўнгги йиллар якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо давлатлар билан товар айирбошлаш ҳажми изчил ошиб бормоқда ва 2025 йилда 10,8 миллиард АҚШ долларидан ошди. Қозоғистон ва Туркия мамлакатимизнинг асосий савдо шериклари бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, бошқа аъзо давлатлар билан ҳам ўзаро савдо ҳажмининг ўсиши кузатилмоқда. Бу эса иқтисодий интеграция ва минтақадаги кооперация алоқаларининг чуқурлашаётганини кўрсатади.
Шу нуқтаи назардан, Туркистон шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити кўп томонлама ҳамкорликнинг кейинги йўналишларини муҳокама қилиш ва янги қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш учун муҳим майдон бўлади. Саммит мавзусидан келиб чиққан ҳолда, рақамли трансформация, қўшма инновацион экотизимларни ривожлантириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, рақамли инфратузилма соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда замонавий юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, транспорт-логистика ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, туркий макон доирасида қўшма юқори технологияли ва инновацион лойиҳаларни илгари суриш масалалари ҳам муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Экспертлар фикрича, Ўзбекистон туркий маконда амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш тарафдори сифатида ташкилотнинг умумий мақсадларини амалга оширишга бундан буён ҳам фаол кўмаклашади. Кутилаётган келишув ва ташаббуслар интеграция жараёнларига янги суръат бағишлаши, минтақанинг барқарор ривожланишига хизмат қилиши ҳамда Туркий давлатлар ташкилотининг халқаро нуфузини янада ошириши кутилмоқда.
“Дунё” АА