Ўзбекистон – АҚШ: стратегик шериклик минтақалараро ҳамкорлик драйвери сифатида

2015 йил ноябрь ойида Самарқандда ишга туширилган “С5+1” формати минтақавий тараққиёт, иқтисодий барқарорлик, экология, энергетика ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик ва мувофиқлаштиришнинг муҳим механизмига айланди. Унинг асосий мақсади – доимий дипломатик мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш, транспорт ва энергетик боғлиқликни мустаҳкамлаш, савдо, бизнес ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришдир. Ушбу форматнинг биринчи йиғилишида қабул қилинган “Ҳамкорлик ва шериклик тўғрисида”ги қўшма декларация АҚШнинг Марказий Осиё давлатларининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлади.
“С5+1” етакчиларининг илк саммити 2023 йил сентябрда Нью-Йоркда бўлиб ўтди ва кенг қамровли кун тартибини илгари суришга кучли туртки берди. Ушбу саммит хусусий сектор бизнес-платформаси “В5+1” (2024 йил март, Олмаота ш.) ва Муҳим минераллар бўйича мулоқот (2024 йил февраль) каби ташаббусларнинг ишга туширилиши билан ёдда қолди. Формат доирасида 13 маротаба вазирлар даражасида, 3 маротаба эса юқори даражадаги учрашувлар ўтказилди. Шунингдек, иқлим, ривожланиш, Афғонистон ва бошқа устувор йўналишлар бўйича махсус форумлар ташкил этилди.
Ўзбекистон “С5+1” форматида фаол ва конструктив позицияни эгаллаб, ўзаро ҳамкорликнинг институционаллашуви, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш, иқлим ва экологик муаммоларга қарши курашишни фаоллаштириш, савдо, инвестициялар, транспорт ва энергетика йўналишларидаги лойиҳаларни давом эттириш, шунингдек, Афғонистонга оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Расмий Тошкент илгари сурган кўплаб ташаббуслар, хусусан “С5+1 виртуал котибияти”ни ташкил этиш (2021), ТИФА доирасидаги учрашувлар (2023 йил март, Самарқанд), сунъий интеллект ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни жадаллаштириш (С5+1) каби таклифлар амалий ҳаётга татбиқ этилди.
Ушбу кўп томонлама ташаббусларнинг амалий натижалари ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Минтақавий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши янги экспорт йўналишларини очди, инвестицион жозибадорликни оширди, экспертлар ўртасида билим алмашиш платформаларини яратди, бу эса Марказий Осиёда барқарорликни таъминлашга хизмат қилди.
Ўзбекистоннинг “С5+1”даги фаол иштироки АҚШ билан икки томонлама шерикликни чуқурлаштириш сиёсати билан уйғундир. Ҳамкорлик сиёсат, хавфсизлик, иқтисодиёт, фан ва маданият каби барча йўналишларда жадал ривожланмоқда.
1992 йил 19 февралда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан буён расмий Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар салмоқли йўлни босиб ўтди. Муқобил бурилиш нуқтаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 15–17 май кунлари АҚШга буюрган расмий ташриф бўлди. Ушбу ташриф стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берди. Президент шунингдек, 2017 йил май ойида Ар-Риёздаги саммитда, 2017 ва 2025 йил сентябрь ойларида БМТ Бош Ассамблеяси сессиялари доирасида АҚШ етакчилари билан учрашувлар ўтказган.
2021 йилда икки томонлама сиёсий мулоқот “Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик мулоқотига”га айлантирилди. Унинг йиғилишлари икки давлат пойтахтларида навбатма-навбат ўтказилиб келинмоқда. 2024 йил 13 ноябрда Вашингтонда бўлиб ўтган тўртинчи йиғилишда бу форматнинг мақомини “Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқоти” даражасига кўтаришга келишиб олинди.
АҚШ маъмурияти ва махсус маслаҳатчиларнинг Ўзбекистонга ташрифлари ҳам мунтазам тус олган. 2025 йилда АҚШ Президентининг глобал шериклик бўйича махсус вакили Паоло Замполлининг ташрифи (28 август – 1 сентябрь 2025) ҳамда Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус маслаҳатчи Сержио Гора ва давлат котибининг биринчи ўринбосари Кристофер Ландаунинг ташрифи (25–27 октябрь 2025) амалга оширилди.
2025 йил 8–10 апрель кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг АҚШга ташрифи икки томонлама муносабатларнинг юқори даражада эканини яна бир бор тасдиқлади. Ташриф доирасида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц билан учрашувлар ўтказилди. Томонлар минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиб, хавфсизлик, иқтисодий ривожланиш, минтақавий боғлиқлик ва Марказий Осиёда барқарор ривожланиш масалаларида стратегик шерикликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратдилар.
Ўзбекистон-АҚШ парламентлараро алоқалари ҳам юқори даражада. 2018 йилда АҚШ Конгрессида “Ўзбекистон бўйича кокус” тузилган бўлиб, унда икки партия вакиллари иштирок этади. Конгресс делегацияларининг ташрифлари мунтазам ташкил этиляпти.
Иқтисодий ва инвестицион ҳамкорлик ҳам изчил ривожланиб бормоқда. Йил сайин икки томонлама товар айланмаси ҳажми ва инвестиция лойиҳалари сони ўсмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда “Air Products”, “General Electric”, “General Motors”, “Boeing”, “Honeywell”, “Coca-Cola”, “John Deere” ва бошқа нуфузли компаниялар фаолият юритяпти.
IV Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида 2025 йил 9 июнь куни Ўзбекистон-АҚШ бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда АҚШнинг 100га яқин компанияси қатнашди. “Boeing”, “FLS”, “Visa”, “NASDAQ”, “Air Products”, “Franklin Templeton”, “Morgan Stanley” ва бошқа компаниялар билан музокаралар ўтказилди ва меморандумлар имзоланди.
АҚШ Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлишини қўллаб-қувватлайди. 2024 йил декабрда Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича икки томонлама музокараларни якунловчи Баённома имзоланди. Бу мамлакатимизнинг жаҳон савдо тизимига интеграциясида муҳим қадамдир.
Маданий-гуманитар соҳани ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми сифатида қайд этиш жоиз. Ташкент—Сиэтл, Бухара—Санта‑Фе, Зарафшан—Клинтон шаҳарлари ўртасида шериклик алоқалари ўрнатилган. Бу алоқалар маданий ва таълимий лойиҳалар, туризм ва бизнес ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Таълим соҳасида 2019 йилда Тошкентда Вебстер университети филиали ҳамда Аризона давлат университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Америка технология университети (AUT) муҳим роль ўйнамоқда. 2025 йил 30 август куни AUTда илм-фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик маркази – “АҚШ бурчаги” очилди.
2023 йил октябрда Тошкентда “Education USA” минтақавий форуми ўтказилди ( форумда 65 та АҚШ олий таълим муассасаси иштирок этди). Ўзбекистонда “American Councils” (ACIE) фаолияти қайта тикланди, Тинчлик корпуси фаолиятини тиклаш бўйича ишлар давом этаяпти.
Транспорт соҳасида ўрнатилган яқин шериклик алоқалари ҳам янги имкониятлар очмоқда. Хусусан, 2017 йил июль ойидан бошлаб миллий авиакомпания томонидан “Тошкент–Нью-Йорк–Тошкент” йўналиши бўйича тўғридан-тўғри авиапарвозлар қайта йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган ички ислоҳотларни изчил қўллаб-қувватламоқда. Давлат департаменти ва Меҳнат департаменти ҳисоботларида одам савдосига қарши курашиш ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини бартараф этишдаги ютуқлар эътироф этилган. Ўзбекистон пахтаси болалар меҳнати билан боғлиқ маҳсулотлар рўйхатидан чиқарилди. 2020 йил декабрь ойида эса Ўзбекистон виждон эркинлиги бўйича “алоҳида хавотир уйғотувчи мамлакатлар” рўйхатидан чиқарилди; 2024 йил апрель ойида АҚШ Савдо ваколатхонаси Ўзбекистонни интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш бўйича кузатув рўйхатидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга амалга ошираётган амалий ташрифи ҳамда “С5+1” саммитидаги иштироки икки томонлама ва кўп томонлама йўналишларда амалий лойиҳаларни жадаллаштиришга кучли туртки беради. Ташриф, шунингдек, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлайди, аввал имзоланган инвестиция келишувларини амалга ошишини тезлаштиради, таълим ва маданий алмашинувларни кенгайтиради, энергетика, транспорт ва рақамли технологияларга доир лойиҳаларни келишиш ва амалга оширишга қўшимча туртки беради.
Ўзбекистон учун бу – Марказий Осиёда фаол ва ишончли шерик эканини яна бир бор тасдиқлаш имконияти бўлса, АҚШ учун глобал барқарорлик ва иқтисодий ривожланиш учун муҳим бўлган минтақада шерикликни мустаҳкамлаш платформасидир.
“Дунё” АА