Инсон қадри ва халқ манфаатлари акс эттирилган Бош қонун ва Ижтимоий юксалишдан барқарор иқтисодиёт сари йўл
Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади. Шахс ва унинг оиласи муносиб ҳаёт кечириши учун етадиган иш ҳақи, бандликни таъминлаш, хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, камбағалликни қисқартиришни талаб қилади. Бир сўз билан айтганда, ижтимоий давлатда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди, ўз муаммолари билан ёлғиз ташлаб қўйилмайди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда “Инсон қадри учун” ғояси асосида аҳоли фаровонлигини ошириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакилларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим яратилиб, унинг доирасида ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашиш, моддий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасида тарихий ишлар қилинди.
Фикримиз қуруқ бўлмаслиги учун, келинг, шу ўринда юртимизда биргина камбағалликни қисқартириш йўналиши бўйича амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтсак.
Президентимизнинг Олий Мажлисга 2020 йил 25 январдаги Мурожаатномасида мамлакатимизда илк бор камбағаллик даражаси айтилиб, камбағалликни қисқартириш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши экани баён қилинган эди.
Камбағаллик дунёдаги азалий муаммо, унга қарши кураш ўзининг долзарблиги билан ажралиб туради. Шу боис, давлатимиз раҳбари 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясидаги нутқида камбағалликни қисқартириш ва унга қарши курашиш билан боғлиқ масалани БМТнинг навбатдаги сессияси асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш, шунингдек, глобал саммит ўтказиш ташаббуси билан чиқди.
Камбағаллик нима, уни ўлчашнинг мезони борми?
Камбағаллик тушунчаси, унинг халқаро мезонлари қай тартибда белгиланиши борасида жаҳонда умумқабул қилинган мезон ёки ягона келишув мавжуд эмас. Буни ҳар бир мамлакат ўзи учун белгиланган камбағаллик мезонидан келиб чиқиб тавсифлайди.
Бу борада халқаро ҳужжат бўлмаса-да, БМТнинг кимларни камбағал деб ҳисоблаш мумкинлиги тўғрисидаги таърифи мавжуд. Унга кўра, “Камбағаллик инсоннинг ҳаёти давомида танлов ва имкониятларга эга бўлмаслиги, жамиятда тўлақонли иштирок этиш учун тўсиқлар мавжудлиги, оиласини боқиши ва кийинтириши, таълим олиши ва даволаниши, хавф-хатарлар олдида чорасизлиги, меҳнат билан таъминлаш имкониятлари етишмаслигида намоён бўлади”.
Умуман, камбағаллик бўйича билдирилган кўплаб таърифлар ва маъноларни умумлаштирган ҳолда уни қуйидагича ифодалаш мумкин: камбағаллик — аҳолининг тўлақонли ҳаёт кечириши учун харажатларни қоплашда даромадлар етишмаслиги, ижтимоий хизматлар ва хавфсизликни таъминлаш имкониятлари чекланганлиги.
Камбағалликнинг турлари ва шакллари ҳар хил номланади (мутлақ камбағаллик, нисбий камбағаллик, ижтимоий камбағаллик, иқтисодий камбағаллик, ўта камбағаллик, молиявий камбағаллик, номолиявий камбағаллик, вақтинчалик камбағаллик, сурункали камбағаллик, болалар камбағаллиги ва бошқалар). Унинг даражаси, асосан, халқаро ва алоҳида мамлакатлар томонидан белгиланган мезонлар асосида аниқланади. Жаҳон тажрибасида мамлакатлараро камбағаллик даражасини баҳолашда кўпинча Жаҳон банки томонидан таклиф этилган камбағаллик чегараси, яъни кунига бир кишига тўғри келадиган даромад харид қобилиятини инобатга олган ҳолда ҳисобланади.
Банк томонидан мамлакатлар аҳолиси даромадларининг паст, ўртадан паст, ўртадан юқори, юқори даражаларини эътиборга олган ҳолда камбағаллик мезонлари 1,9, 3,2, 5,5 ва 21,7 АҚШ доллари этиб белгилаш кўзда тутилган.
Муайян мамлакат камбағаллик мезонини ўзига хос табиий-иқтисодий салоҳияти, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларини эътиборга олган ҳолда аниқлайди. Жумладан, Европанинг ривожланган давлатларида камбағаллик мезони аҳоли даромадларининг муайян миқдордан паст қисми (50 ёки 60 фоиз) сифатида белгиланади.
Ўзбекистонда камбағаллик мезони сифатида минимал истеъмол харажатлари (даромадлари) қийматини қўллаш режалаштирилган.
Камбағалликни қандай қисқартириш мумкин?
Бугунги кунда сайёрамизда 1,5 миллиард инсон қашшоқликда яшайди. Табиийки, давлатларининг камбағалликни қисқартириш бўйича кўраётган чоралари ҳам турлича. Қайсидир давлат бу борада инсон капиталини ривожлантиришга устувор аҳамият қаратаётган бўлса, бошқасида ушбу тоифадаги аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими кучлироқ.
Бу, албатта, камбағаллик муаммоси билан курашаётган давлатларнинг иқтисодий салоҳиятига боғлиқ. Негаки, бу муаммога барҳам бериш барқарор иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорликни талаб этади. Яъни камбағалликни қисқартириш учун ишсизлар, айниқса, ёшлар билан манзилли ишлаш, уларга истиқболли касб-ҳунар ўргатиш, шу йўналишлар бўйича янги иш ўринлари яратиш орқали оилаларнинг доимий даромад манбаини яратиш зарур бўлади. Бироқ эҳтиёжманд аҳолининг аниқ манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлашни унутмаслик керак.
Бу ҳақда гапирганда Президентимизнинг Олий Мажлисга 2020 йилги Мурожаатномасида қайд этилган қуйидаги фикрни келтириб ўтиш ўринли бўлади: “Баъзи одамлар ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки уларнинг миқдорини ошириш орқали ушбу муаммони ҳал этиш мумкин, деб ўйлайди. Бу – бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермайди.
Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир”.
Камбағалликни қисқартиришга ёндашувимиз қандай?
Биринчидан, камбағалликни қисқартириш бўйича жаҳон тажрибасини чуқурроқ ўрганиш мақсадида Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи мамлакатлари, шунингдек, Жаҳон банки, БМТ, Осиё тараққиёт банки, Халқаро меҳнат ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда бир қатор илмий марказ ва лабораториялар билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Жаҳон банки экспертлари билан камбағалликнинг миллий мезонини асослаш бўйича тадқиқотлар ташкил этилди.
Бухоро шаҳрида шу йилнинг 26-27 май кунлари ўтказилган “Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш” халқаро форумида жаҳонда камбағалликка қарши курашиш бўйича илмий-амалий натижаларни кенг кўламда таҳлил қилиш билан бирга, айни жиҳатлар, хусусан, мамлакатимизда бу йўналишда амалга оширилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Мазкур халқаро форум дунёдаги йирик олим ва мутахассислар, нуфузли халқаро ташкилотлар иштирокида охирги йилларда ўтказилган энг йирик халқаро анжуманлардан бири сифатида аҳамиятлидир. Унда ушбу йўналиш бўйича илмий ва амалий тажрибага эга бўлган 250 га яқин хорижлик мутахассис иштирок этиб, камбағалликка қарши курашишда Ўзбекистон нисбатан қисқа муддатда ижобий натижаларга эришганини эътироф этди.
Форумда Хитойнинг Халқаро камбағаллик маркази билан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ўртасида 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик шартномаси имзоланганини бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми, дейиш мумкин.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда аҳолини камбағалликдан чиқариш, жумладан, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш, янги иш ўринлари яратиш, бизнесга доир билимини ошириш ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кўмаклашиш бўйича муҳим лойиҳалар, таъбир жоиз бўлса, тарихий ислоҳотлар бошланди. Англаганингиздек, Ўзбекистон масалага кўп томонлама ёндашмоқда.
Иккинчидан, ўрганилган хориж тажрибаси ва мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, юртимизда камбағалликни қисқартиришга қаратилган меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш бўйича зарур ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, 2020-2022 йилларда Президентимизнинг мамлакатда камбағалликни қисқартиришга қаратилган 30 дан ортиқ фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 20 дан ортиқ қарори қабул қилинди.
Учинчидан, ишлаб чиқилган чора-тадбирлар асосида мамлакатимизда камбағалликни қисқартиришнинг институционал асослари яратилиб, ушбу масалаларни мувофиқлаштирувчи вазирлик ҳамда шу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини олиб борувчи илмий марказ ташкил этилди. Хусусан, фаолияти асосан камбағалликка қарши курашиш бўлган бир қатор таркибий тузилмалар шакллантирилди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилгани, шунингдек, барча маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилганини бунга мисол сифатида келтириш мумкин.
Тўртинчидан, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш соҳасидаги ўзига хос ва хорижий мамлакатлардан тубдан фарқ қиладиган жиҳат — юртимизда маҳалла институти мавжудлиги. Ўзини ўзи бошқаришнинг мазкур ноёб тузилмаси жамият бошқарувининг энг қуйи таянч бўғини ҳисобланади. Шу сабабли маҳалладаги ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш самарадорлигига бевосита таъсир этади. Маҳаллада ҳар бир оиланинг турмуш даражасини мониторинг қилиш орқали яшаш шароити, асосий ижтимоий хизматларга эҳтиёжларини аниқлаш имкони мавжуд. Шунинг учун камбағаллик кўламини объектив баҳолаш, мониторинг қилиш, аниқ чора-тадбирларни амалга оширишда маҳалланинг ўрни ва аҳамияти жуда катта.
Бешинчидан, айни шу сабабли 2019 йил май ойида маҳалла бўйича баҳолаш ва шаффофлик асосида ижтимоий ҳимояга муҳтожлар рўйхати – “Темир дафтар” юритилиши йўлга қўйилди. Кейинчалик муҳтож аҳоли рўйхатини аниқлаштириш мақсадида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” шакллантирилди.
2020-2021 йилларда “Темир дафтар”га киритилган муҳтож оила аъзоларининг 666,6 минг нафари иш билан таъминланди. Ярим миллиондан ортиқ оила муҳтожликдан чиқарилди. Яратилган янги тизим асосида 76,5 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, 170 минг ишсиз фуқаро касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди.
Олтинчидан, қишлоқда камбағал оилаларнинг нисбатан кўплигини ҳисобга олган ҳолда, уларга қўшимча ер ажратиб берилди. Қишлоқ жойларда томорқани ривожлантириш орқали 527 минг фуқаро бандлиги таъминланди. Ер эгаларига 300 миллиард сўм имтиёзли кредит ва субсидия ажратилди.
Еттинчидан, “маҳаллабай” иш тизими жорий этилдики, бу ҳам аслида камбағалликни қисқартиришнинг ностандарт усулларидан бири саналади. Ҳудудларда ушбу тизим орқали аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббуслари амалга ошишига молиявий кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда оилаларнинг даромад манбалари, жумладан, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини “хонадонбай” ўрганиш, банд бўлмаган аҳоли, айниқса, ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш орқали уларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўргатувчи курсларга йўналтириш ва меҳнат фаолияти билан шуғулланишига амалий кўмаклашиш, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуслари ва стартап ғояларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган кредитлар ажратиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маҳаллаларнинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш ва янги, жумладан, “драйвер” лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускорларга кўмаклашиш, шу орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш, мавжуд имкониятларни ўрганиш ва улардан самарали фойдаланиш орқали жойларда тадбиркорлик ва рақобат муҳитини яхшилаш, самарадорлик ва даромадлилик тамойилларидан келиб чиқиб, тадбиркорларга сифатли хизмат кўрсатиш, маслаҳат бериш ва бизнес режаларни тайёрлаш учун мижозга йўналтирилган хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бу жараёндаги муҳим вазифалардан ҳисобланади. Мазкур тизим асосида ҳар бир маҳаллани комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.
Саккизинчидан, камбағалликни қисқартиришнинг ўзига хос ташкилий механизми сифатида 2022 йил бошида тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари фаолият бошлади. Улар ҳар бир оилани хатловдан ўтказди. Сўров натижасида кам даромадли ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аниқланиб, улар билан манзилли ишлаш йўлга қўйилди. Камбағалликни қисқартиришга қаратилган миллий механизмнинг яратилиши ўзининг ижобий натижаларини бера бошлади.
2022 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан 736 минг фуқаро бандлиги таъминланган, 54 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилган, 47 минг янги тадбиркорлик субъекти фаолияти йўлга қўйилган.
Тўққизинчидан, камбағал оилаларни иш билан таъминлашда саноат ва хизмат соҳаларини юқори суръатларда ривожлантириш бўйича мақсадли давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, уларни ҳаётга татбиқ этишда муайян ютуқларга эришилди. Жумладан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 400 дан ортиқ кичик саноат зонаси ташкил қилиниб, уларда мингдан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Ҳозир кичик саноат зоналарида 100 мингта иш ўрни яратилиб, 40 триллион сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилган, экспорт салоҳияти эса 750 миллион АҚШ долларига етган. Илгари саноат корхоналари мавжуд бўлмаган 11 та туманда 205 та янги корхона ишга туширилди.
Ўнинчидан, эҳтиёжманд аҳолининг аниқ ва манзилли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш давлат фаолиятининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Адолатли ижтимоий ҳимояни таъминлаш мақсадида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар, ёшлар, аёллар ва қарияларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ўндан ортиқ давлат дастури амалга оширилмоқда. Фақатгина 2021 йилнинг ўзида 1 миллион 200 минг киши ижтимоий нафақа билан таъминланди.
Ўн биринчидан, камбағал оилалар аъзолари таълим олиши ва соғлиғини тиклаши, уларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар кўрилди. Жумладан, “Темир дафтар”га кирганларнинг олий таълим олиши учун кўплаб қулайликлар яратилди. Оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг уй-жой шароитини яхшилаш учун имтиёзли ипотека кредити жорий қилинди.
Энди юқоридаги саволимизга яна қайтамиз: мадомики, ўтган қисқа даврда ижтимоий муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш тизимлари орқали шунча ишлар қилинган экан, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” ғоясини Конституцияда мустаҳкамлашнинг қандай зарурати бор? Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мазкур ишлар мунтазам, тизимли амалга оширилиши, ортга қайтмайдиган жараёнга айланиши учун мустаҳкам конституциявий кафолат лозим.
Камбағаллик даражаси кескин камайтирилади
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимоя бўйича қатор аниқ мақсадлар белгилаб берилганки, ушбу устувор вазифалар бу борадаги ишлар ривожини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Хусусан, яқин 5 йил ичида камбағаллик даражасини 2 баравар камайтириш вазифаси белгиланган. Тайёрланган “йўл харитаси”га мувофиқ, камбағалликни қисқартириш мақсадида хусусий сектор ва тадбиркорликнинг турли шакллари ривожланиши учун қулай муҳит яратиш, камбағал оилалардаги ишсизларни доимий иш ўринлари билан таъминлаш, қишлоқ жойларда камбағал оилаларга томорқа учун ер ажратиш, деҳқончилик ва чорвачиликни ташкил этиш учун имтиёзлар бериш, маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва керакли маблағ бериш, камбағаллик даражаси юқори бўлган муаммоли маҳаллаларда мақсадли дастурларни амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти.
Умуман, Ўзбекистонда камбағаллик даражасини қисқартириш бўйича амалга оширилаётган миллий модель ўзига хослиги ва кенг кўламлилиги, олдиндан вужудга келиши мумкин бўлган ижтимоий хавф-хатарларга қарши чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши, Тараққиёт стратегияси билан ўзаро мувофиқлашганини таъкидлаш лозим. Бундай саъй-ҳаракатлар мамлакатда камбағалликни кескин камайтириш учун муҳим замин бўлиб хизмат қилади.
Турсун АҲМЕДОВ,
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори ўринбосари,
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ўрганиш илмий маркази раҳбари